Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасининг асосий мазмуни ва моҳиятини кенг хорижий жамоатчиликка етказиш бўйича брифинг
17 Jan 2018


2018 йил 16 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасига бағишланган брифинг бўлиб ўтди. Тадбирдан кўзланган мақсад Мурожаатноманинг, шунингдек, “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастури лойиҳаси мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказишдан иборат. Айнан шу мақсадда тадбирга Ўзбекистонда аккредитация қилинган хорижий ОАВ вакиллари, шунингдек, миллий оммавий ахборот воситалари ходимлари таклиф этилди.

Олий Мажлис Сенати Раиси ўринбосари С. Сафоев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари С. Отамуротов, Ташқи ишлар вазири ўринбосари С.Ниязходжаев ва “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати А.Бурханов тадбир спикерлари бўлдилар.

Брифинг чоғида Ўзбекистон Республикаси Президенти Мурожаатномасининг асосий мазмуни ва моҳияти муҳокама қилинди. Тадбир иштирокчилари Мурожаатнома ва 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясидан келиб чиқадиган Ўзбекистонни 2018 йилда ривожлантириш бўйича долзарб мақсад ва вазифалар, шунингдек, ушбу ташаббусларни амалга ошириш механизмлари билан атрофлича таништирилди. Иштирокчилар мамлакатимиз ва жамиятни инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасида янада демократлаштириш, Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш борасида Ўзбекистон Республикасининг устувор мақсадлари ва 2018 йилда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш бўйича Давлат дастури лойиҳасининг асосий қоидалари тўғрисида маълумотларга эга бўлдилар. Бундан ташқари, тингловчиларга “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастури лойиҳаси бўйича жамоатчилик муҳокамасини ўтказишнинг бориши ҳақида сўзлаб берилди.

Тадбирда ОАВ вакиллари томонидан берилган саволларга батафсил жавоблар берилди.

Эслатиб ўтиш жоизки, 2017 йилнинг 22 декабрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев илк бор Олий Мажлисга Мурожаатнома билан чиқиш қилиб, унда 2017 йил якунларини сарҳисоб этилиб, 2018 йилда мамлакатимизни ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаб берди. Видеоконференцалоқа воситасида тадбирни депутатлар, барча даражадаги ижро этувчи ҳокимият ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарлари, нодавлат ташкилотлар ва жамоатчилик вакиллари, шунингдек, мамлакатимизнинг чет давлатлардаги элчилари кузатдилар.

2018 йилга Давлат дастурининг кенг муҳокамаси www.regulation.gov.uz порталидаги 2018.strategy.uz сайтида йўлга қўйилди. Қисқа вақтда аҳолидан 4000 дан ортиқ (15.01.2018 й. ҳолатига) фикр-мулоҳаза ва таклифлар келиб тушди, бу 2017 йилга Давлат дастури муҳокамаси пайтидагига нисбатан уч баробар кўпдир. 2018 йилнинг 20 январигача бўлган муддатда жамоатчилик муҳокамаси натижалари ва келиб тушган таклифлар таҳлили асосида Давлат дастурининг такомилига етказилган лойиҳаси тасдиқлаш учун киритилади.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси / Кўришлар: 227

Сиёсат

Сўров

Ўзингизга керакли бўлган маълумотларни сайтимиздан топа олдингизми?
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech